Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан бир нечта интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда чоп этилган айрим металл маҳсулотларини, шу жумладан “катанка” хом ашёси импортини чекланиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилди.
Мақолаларда Инқирозга қарши курашиш Республика комиссиясининг 2020 йил 11 майдаги йиғилиши баёни билан айрим йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (“Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ ва “Тошкент металлургия заводи” МЧЖ ҚК) фаолиятини пандемия шароитида қўллаб қувватлаш орқали бошқа металлопрокат ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинмаганлиги қайд этилган.
Дастлабки таҳлилларга кўра, бугунги кунда катанкадан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йиллик қуввати 14,7 минг тоннани ташкил этувчи 34 та корхоналар фаолият олиб боради.
Қўмитага келиб тушган айрим ишлаб чиқарувчиларнинг мурожаатларида кўрсатилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган катанкадан тайёрланган маҳсулотлар сифат стандарти талабларига жавоб бермайди, мазкур корхоналарда бирламчи метал махсулоти ишлаб чикарилмайди, балки махсулотлар металломдан (иккиламчи хом ашё) ишлаб чикарилади ва прокат холига келтиришда технологик жараёнда барча механик ва физик хусусиятларни сақлаб қолиши ўзлаштирилмаган, бу эса, металлопрокат хом ашёсини импорт қилишни талаб қилади.
“Ўзметкомбинат” АЖнинг маълумотига кўра, катанка хом-ашёсини синов партиясини (пробная партия) ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши жорий йилнинг июль ойига режалаштирилган. Бироқ, ушбу ишга тушириладиган қувватлар ҳам металлопрокат (махсус сим, шуруп, саморез, болт, винт каби турли метиз маҳсулотлари) ишлаб чиқарувчиларнинг эҳтиёжларини қондира олмайди. Бу эса корхоналарнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигига, экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кескин қискаришига, пировардида иш ўринларини йўқолишига олиб келиши мумкин.
Масалан, Наманган вилоятидаги “Мехмаsh” МЧЖ томонидан
15,0 млн.АҚШ доллари қийматида инвестициялар ўзлаштирилиб, йиллик 1000 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ва уларнинг асосий қисми экспорт қилинмоқда.
Тошкент вилоятида Туркия ва Хитойнинг мос равишда
15,7 млн.АҚШ доллари ва 12,0 млн.АҚШ доллари инвестициялари ўзлаштирилаётган “DAL HЕAVY INDUSTRIES” МЧЖ ҚК ва “BAO XIN METALL” МЧЖ ҚК томонидан ташкил этилаётган металл констуркцияларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида ҳам учратиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлари талабларидан келиб чиқиб, айрим корхоналар учун яратилган имтиёзли шарт-шароитларни чеклаш ва барча ишлаб чиқарувчилар учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига Инқирозга қарши курашиш Республика комиссиясининг 2020 йил 11 майдаги йиғилиши баёни тегишли бандларини қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилган катанка хом ашёсини эркин муомалага чиқариш божхона режимига ўтказишга рухсат бериш бўйича тегишли таклифлар юборилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати