«Замон ўзгаряпти ЛЕКИН МОНОПОЛ КОРХОНАЛАР ўзгара олмаяпти»
Давлатимиз раҳбари 28 май куни ўтказилган иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда айни ҳолат ҳақида фикр билдирар экан, жумладан, шундай деди: «Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса — кетади».
Монополиянинг қандай салбий жиҳатлари бор?
Келинг, дастлаб монополия тушунчасини содда тилда тушунтириб ўтайлик. Демак, монополия шароитида бир корхона, бир инсон ёки бир гуруҳ шахсларнинг бойиши, яхши яшаши учун бошқалар «қурбон қилинади». Монополия эркинликни чеклайди, рақобатни ўлдиради, ривожланишни ортга қайтаради.
Хўш, унинг салбий таъсири нималарда намоён бўлади? Аввало, рақобатдан ҳимояланган субъект ўз маҳсулоти сифатини яхшилашга уринмайди. Ўз-ўзидан ривожланишдан тўхтайди. Бундан ташқари, маҳсулотлар нархини имкон қадар оширишга уринади. Таннархни туширишга ва технологик янгиланишларни амалга оширишга эса шошилмайди. Бунда монопол ташкилот нархни кўпроқ меҳнат қилгани, кўпроқ харажат қилгани ёки маҳсулотига кўпроқ ишлов бергани учун эмас, айнан МОНОПОЛИСТ бўлгани учунгина оширади.
Энг муҳим жиҳат — рақобатсиз муҳитда ишлайдиган корхона харидорнинг кўнглини олишга мойил бўлмайди. Буни «Ўзи шундоқ ҳам харидор менинг маҳсулотимни сотиб олишга мажбур бўлса, тер тўкиб, янгилик яратиб нима қиламан» деган ёндашув билан изоҳлаш мумкин.
Юқоридагилардан кўринадики, демак, маҳсулот сифати устида ишламаслик, яъни ривожланмаслик, нархларнинг сабабсиз оширилиши, сервисни яхшилашга уринмаслик — монополиянинг энг асосий салбий жиҳатларидир.
Табиий монополия қандай юзага келган?
— Монополиянинг энг кўп учрайдиган тури, бу — табиий монополиядир, — дейди Тошкент давлат юридик университети докторанти, юридик фанлар номзоди Раъно Ҳусаинова. — Одатда, табиий монополиянинг мавжудлиги «рақобат етишмаслиги», яъни бир неча рақобатдош фирманинг мавжудлиги битта фирманинг мавжудлигидан кўра кам фойда келтирадиган вазиятлар билан изоҳланади. Ўзбекистонда табиий монополияларнинг шаклланиши ўтиш даврида иқтисодиётни қайта қуриш ва бошқариш бўйича юзага келган тузилмалар билан боғлиқ. Масалан, узоқ вақт давомида совет мафкураси таъсирида бўлган собиқ иттифоқ мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам энергия, иссиқлик ва газ билан таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланиб, иқтисодиётнинг энергетика тармоғини ташкил этишда давлат устун мавқега эга бўлган.
— Энди асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратишимиз керак, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев. — Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегияси ишлаб чиқилиши лозим.
Соғлом рақобатга нима тўсиқ бўлмоқда?
— Бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтган ҳар қандай давлатда соғлом рақобат ва адолатли савдо қоидалари жуда муҳимдир, — дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Хаитметов. — Соғлом рақобат меҳнат унумдорлигини оширади, янги иш ўринлари яратилиши, инновациялар ривожланишини таъминлайди ва, энг муҳими, истеъмолчилар фаровонлигига хизмат қилади. Тан олиб айтиш керакки, давлат иштирокидаги монопол корхоналарнинг кўплиги, уларнинг хусусий сектор билан тенг бўлмаган шароитда рақобат қилиб келаётгани, тармоқни бошқарадиган вазирлик ва идораларнинг вазифаларига рақобатни ривожлантириш функцияси киритилмагани соғлом рақобатнинг вужудга келишига катта тўсиқ бўлиб келмоқда.
Айни вазиятдан келиб чиқиб, Президентимиз Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, бу борада алоҳида «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш лозимлиги айтиб ўтилди. «Йўл харитаси»да монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш вазифаси белгиланади.
Комплаенс тизими муаммога ечим бўла оладими?
Монополияга қарши комплаенс тизими — қонунчилик бузилишининг салбий оқибатларини юмшатгандан кўра, унинг олдини олиш осон бўлган умумий парадигмага асосланади. Яъни компания ўзи учун корпоратив ҳаракат қоидаларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилади.
— Шу тариқа ҳаракатлар устидан монополияга қарши курашиш бўйича икки турдаги — ички ва ташқи назорат ўрнатилади, — дейди Р.Ҳусаинова. — Шунингдек, рақобатга қарши ҳаракатлар, бинобарин, монополияга қарши курашиш органлари томонидан жарималар қўлланилиши камаяди. Қонунчилик бузилиши билан боғлиқ хавф-хатарлар мунтазам равишда таҳлил қилиб борилиши орқали соғлом рақобат муҳити таъминланишига имкон яратилади. Компанияларнинг монополияга қарши ҳаракатлари учун жавобгарлик даражаси ошади. Умуман олганда, монополияга қарши элементар талабларни билмаслик ёки ўз ҳаракатларининг қонунийлигини исботламаслик туфайли келиб чиқадиган қоидабузарликларнинг сони камаяди.
* * *
Рақобат бўлмаса, интилиш, ривожланиш бўлмайди. Рақобат иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз манфаатларини тўлароқ юзага чиқариши, яъни яхши даромад топиши, ўз мавқеини мустаҳкамлаши, ўз қобилиятини намоён этиши учун ҳам имконият яратади. Бундан эса сизу биз — оддий истеъмолчи ютади. Зеро, қачонки, соғлом рақобат муҳити шаклланар экан, биз энг яхши маҳсулотларни танлаш имконига эга бўламиз, нимани, қаерда, кимдан ва қандай баҳода сотиб олишни ўзимиз белгилаймиз. Рақобатнинг ривожланиши одамларнинг турмуш даражаси яхшиланишига ҳам олиб келади.
Санжар ИСМАТОВ, «Mahalla» газетаси мухбири.