2020 йил 28 майда Ҳукуматнинг “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 338-сонли қарори имзоланди.
Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар устав фондидаги акцияларни (улушларни) олишга ҳамда хўжалик субъектларини бирлашишига доир битимларга олдиндан розилик беришнинг янги тартибини белгиловчи маъмурий регламентлар тасдиқланди. Ушбу тартибга мувофиқ, мазкур соҳадаги аризаларни қоғоз кўринишида қабул қилиш тартибидан бутунлай воз кечилди.
Бунда, давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар ўзларига қулай бўлган Давлат хизматлари марказига бориб ёки онлайн режимда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари кифоя бўлади.
Шу билан бирга, мазкур қарор билан бугунги кунгача ушбу давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солиб келган қонунчилик ҳужжатлари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сонли қарорининг 5-иловаси ҳамда 2013 йил 27 декабрдаги 344-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилди.
Хулоса қилиб айтганда, янги қабул қилинган қарор бозор концентрациясига оид битимларга олидандан розилик бериш давлат хизматидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вақтларини сезиларли тежалишига, ортиқча қоғозбозликка барҳам берилишига, шунингдек, ушбу хизмат содда ва тезкор амалга оширилишига олиб келади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати