Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали келиб тушган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича хулоса тақдим этилди.
Мазкур қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектларига ортиқча тартиб таомиллар, лицензия ва рухсатнома бериш тусидаги талабларини ўрнатиш, қўшимча харажатлар қилишга ундаш ҳолатлари, хўжалик бошқаруви органига давлат органи ваколатини бериш ва бошқа рақобат қонунчилиги зид нормалар киритилган.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларига ортиқча харажатлар ва маҳсулот тан-нархини ошишига олиб келувчи биржа савдоларида сотилган цемент ва қурилиш ойнаси ҳажмидан келиб чиққан ҳолда сотувчидан йиғим ундирилиши ва ушбу маблағни “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасини молиялаштиришга йўналтириш, алоҳида тадбиркорлик субъектларини бошқаларга нисбатан тенг бўлмаган шароитни келтириб чиқарувчи “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан импорт қилинаётган хом ашёлар, кўмир ва табиий газга муқобил бошқа энергия ресурслари темир йўл орқали ташишда ички тариф ставкалари қўлланилиши, қўшимча рухсат бериш тамойилини киритилишига олиб келувчи ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилишида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг хулосаси олиниши каби амалдаги рақобат қонунчилигига зид нормалар акс эттирилган.
Қўмита хулосасини ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин. ID-18365-1
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати