Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (қонун ҳужжатлари)нинг рақобатга таъсирини баҳолашнинг асосий йўналишлари белгиланган. Яъни улар қаторидан, жумладан, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг барча босқичларида иқтисодий жиҳатдан асосланмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга йўл қўймаслик, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнида тадбиркорлик ва рақобат муҳитига салбий таъсирини баҳолаш, бизнес юритиш учун рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда қисқартириш масалаларини ўрганиш, товар ва молия бозорининг барча иштирокчиларига товар (иш, хизмат)лар учун тенг имкониятлар яратишда тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни берилишини асосланганлигини таҳлил қилиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товар ва молия бозорларида рақобатни чеклайдиган лойиҳаларни ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар киритиш ўрин олган. Белгиланганидек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолият соҳасига кирувчи масалалар, хусусан, товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқлар, кафолатлар, енгиллик лар, преференцияларни бериш, фаолият юритиш шарти сифатида лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартибини, товар ёки молия бозори иштирокчиларига техник тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатиш, товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг харажатларининг сезиларли даражада ошишига олиб келувчи талаблар жорий қилиш, товар ёки молия бозорларида тадбиркорлик субъектлари иштирокида давлат корхонаси ёки давлат улуши бор корхоналар тузиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда ушбу қўмита билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Ўрнатиладиган тартибга кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича ушбу қўмита билан келишилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилмайди ва мазкур ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиққан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қайтарилади. Қарор лойиҳасида Қонун ҳужжатларини рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси тасдиқланиши кўрсатилган. Унга мувофиқ, рақобатга таъсирни баҳолаш ваколатли орган томонидан “exante” – лойиҳаларнинг, “ex-post” – амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш усуллари асосида амалга оширилади. Агар лойиҳа ёки амалдаги қонун ҳужжати товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат ўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг доираси ва сонини чеклашга олиб келса, етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш, истеъмолчилар учун эса керакли ахборотни танлаш имкониятини чегараласа, етказиб ерувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишини пасайтирса, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади. Рақобатга таъсирни баҳолашнинг “ex-post” усули бўйича рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари йилига камида бир марта хатловдан ўтказилади.
Муаллиф: О. ЛАТИПОВА