Монополияга қарши курашиш қўмитасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш ишлари амалга оширилган. Кўриб чиқилган 62 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасидан 45 тасида рақобат ва ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи, шу жумладан, 2 та ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан хулосалар берилган. Амалдаги 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақобат ва ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи айрим нормаларини бекор қилиш юзасидан тегишли таклифлар киритилган. Товар ва молия бозорларида таҳлиллар ўтказилган. Масалан, “iMeter” МЧЖнинг “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси томонидан газ ҳисоблагичларни қиёслаш хизмати бўйича белгиланган тарифларнинг юқори эканлигидан норози бўлиб ёзган шикоят-аризаси ўрганиб чиқилган. Натижада корхона томонидан кўрсатиладиган хизмат учун белгиланган рентабеллилик даражаси 18 фоиздан 12 фоизгача туширилиб, корхонага нисбатан монопол юқори нарх белгиланганлик ҳолатларини бартараф этишга оид кўрсатма берилган. Товар, молия ва рақамли бозорларда концентрацияни назорат қилиш йўналишида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилган. Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда шахс ва шахслар гуруҳи томонидан уларнинг устав фонди (капитали)даги акция (улуш)ларни олиш бўйича битимларга монополияга қарши курашиш қўмитасидан олдиндан розилик олишга қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий органларига жами 42 та ариза келиб тушган. Шундан 7 таси хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга олдиндан розилик олиш тўғрисида бўлиб, улардан 6 тасига қўмита махсус комиссиясининг олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган, биттасига бундай розилик талаб этилмаслиги тўғрисида жавоб хати берилган юборилган. Аризаларнинг 35 таси шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фонди (капитали)даги акциялар (улушлар) ни олиш тўғрисида бўлган. Улардан 16 тасига қўмита махсус комиссиясининг олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган, 5 тасига розилик керак эмаслиги ҳақида жавоб хати берилган. Қолган 14 та ҳолат юзасидан тузиладиган битимларни рақобатга таъсирини ўрганиш мақсадида тегишли товар бозорларида мониторинг давом эттирилмоқда. Ҳисобот даврида тушган барча мурожаатлар чуқур таҳлил қилиниб, қўмита томонидан жами 731 млрд. сўмлик битимларга олдиндан розилик берилган, шундан, 62,4 фоизи, яъни, 456 млрд. сўмлик битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Бунда инвесторлар томонидан асосан ахборот технологиялари, электротехника, қурилиш, кимё саноати, озиқ-овқат ва шу каби соҳаларга тўғридан-тўғри маблағлар ва замонавий технологиялар кўринишида инвестициялар киритилиши кўзда тутилган. “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги учун, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидан улуш олишда қўмитанинг олдиндан розилигини олмасдан амалга оширилган битими сабабли, унга нисбатан иш қўзғатилган. Устун мавқени суиистеъмол қилиш, тил бириктиришлар ва картель келишувларга қарши курашиш юзасидан бир нечта йўналишдан иборат иш олиб борилган. 2020– 2024 йилларда республикамизда рақобат муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича мавжуд заҳираларини аниқлашда дастурни ишлаб чиқиш концепцияси тайёрланган. Концепция ушбу йиллар давомида қуйидаги дастур ишлаб чиқиш учун ташкилий, ўрганиш, таҳлилий чора-тадбирлардан иборат тайёргарлик, мазкур дастурни амалга оширишнинг назорат механизмини яратиш ва мавжуд муаммоларни ечиш босқичиларидан иборат. Бундан ташқари, лицензияланадиган фаолият турларини қисқартириш ва уларни соддалаштириш, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда савдо фаолиятини ривожлантириш, ушбу соҳадаги ортиқча чекловларни олиб ташлаш бўйича таклифлар тайёрланиб, ҳукуматга киритилган. Давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда синов тариқасида монополияга қарши комплаенс жорий этиш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида, шунингдек, бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида давлат иштирокидаги 58 та корхона ва 20 дан ортиқ бирлашмага тақдим этилган солиқ ҳамда божхона имтиёзлари таҳлили ўтказилмоқда. Якуний маълумотлар белгиланган муддатларда Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Ноҳалол рақобатга чек қўйиш ҳолатлари бўйича тушган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли тушунтиришлар берилган. Ноҳалол рақобатчиликни аниқлаш ва олдини олиш борасида жами 46 та мурожаат кўриб чиқилган. Бевосита қўмитага тушган мурожаатларнинг 22 тасида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъект жойлашган манзилга қараб тегишли ҳудудий бошқармаларга ижро учун юборилган. 8 та мурожаат бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ноҳалол рақобат ҳолати тан олинган ва тегишли кўрсатма берилган. Берилган кўрсатмаларнинг ҳаммаси ижро этилган ва тегишли маълумотлар қўмитага тақдим қилинган. 2 та мурожаатда ноҳалол рақобат аломатлари аниқланмаганлиги сабабли ишни кўриб чиқиш тугатилган. Битта мурожаат бўйича ноҳалол рақобат аломатлари аниқланмаганлиги боис иш қўзғатиш рад этилган. 7 та мурожаат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим қилиш тўғрисида аризачига сўров хатлари юборилган. Иккита мурожаат эгаларига мамлакатимизда санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангандан сўнг ишлар Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиши тўғрисида хатлар юборилган. 22 та мурожаат эса ҳудудий бошқармалар томонидан ижро этилган. “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Фирма номлари тўғрисида”ги ва “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунларнинг айрим моддалари бўйича амалиётда келиб чиққан муаммоли холатлар ва уларни бартараф этиш чораларига оид таклифлар тақдим қилинган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида табиий монополия субъектларининг давлат реестрида жами 136 та хўжалик юритувчи субъект 11 та хизмат турлари бўйича қайд этилган. Ўтган йилнинг шу даврига (123 та ва субъект ва 10 та хизмат соҳаси) нисбатан корхоналар сони 13 тага (10,5 фоиз) ва соҳалар эса биттага кўпайган. Табиий монополия субъектларининг хизмат (товар)лари бўйича маиший ва юридик истеъмолчилар билан тузиладиган намунавий шартномалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар берилиши таъминланган. Жумладан, маиший ва улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериладиган электр энергияси учун тузиладиган намунавий шартнома лойиҳасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид бўлган ва уларда назарда тутилмаган нормаларни қайта кўриб чиқиш (чиқариб ташлаш) ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли таклифлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тақдим этилган. Маиший ва юридик истеъмолчиларга ҳамда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига етказиб бериладиган табиий газ учун тузиладиган намунавий шартнома лойиҳалари юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда, таклифлар Энергетика вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” АЖга юборилган. Шунингдек, табиий монополия субъектларининг хизмат (товар)лари бўйича маиший ва юридик истеъмолчилар билан тузиладиган намунавий шартнома лойиҳалари қўмита ҳузурида ташкил этилган Ёқилғи- энергетика ресурсларини етказиб бериш ва коммунал хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг йиғилишларида кенг муҳокама қилиниши ҳамда кенгаш фикр-мулоҳазалари инобатга олинишига эътибор қаратилган. Табиий монополия хизматлари юзасидан йилнинг ўтган уч ойи давомида 78 нафар жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига 247,9 млн. сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Мисол учун, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Рустамбековнинг мурожаатига асосан “Тош иссиққуввати” ДУК томонидан иссиқлик энергияси учун ортиқча ҳисобланган 1,31 млн. сўм тўлов истеъмолчига қайтарилишига эришилган. Ҳисобот даврида қўмита мутахассислари халқаро молия институтлари иштирокидаги ва инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар асосида, жами 1,3 млрд. АҚШ доллари ва 377,1 млрд. сўм бошланғич қийматдаги 26 та тендер савдоларида иштирок этишган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 апрель кунига қадар жами 45 нафар жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган (шундан, 4 та мурожаат тендер ҳужжатларида рақобатни чек ловчи шартларнинг киритилганлиги, 3 та мурожаат тендер савдосида иштирок этиш учун амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда 38 та мурожаат тендер савдолари ўтказилишида давлат буюртмачилари томонидан рақобатни чеклашга йўл қўйилганлик ҳолатлари бўйича) бўлиб, шундан 8 та мурожаат ижобий ҳал қилинган ва 28 та ҳолатда мурожаатчиларга тушунтириш берилган. Мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида 2 та тендер савдосида монополияга қарши талабларнинг бузилганлиги ҳолатлари аниқланган ҳамда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонун бузилишини қайта такрорламаслик бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Муаллиф: О. ЛАТИПОВА