Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакиллари Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари билан учрашди. Учрашувда Қўмитанинг 60 нафарга яқин масъул ходимлари иштирок этди ва суҳбат давомида қатор масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Қўмита марказий аппаратида 22 та вакант лавозим бўлган. ПҚ-5053-сонли қарорга мувофиқ, 10 та штат бирлиги қисқартирилган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Қўмита марказий аппаратидаги 24 нафар маъмурий-бошқарув ходимлари билан (ўз аризасига биноан) тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
24 нафар ходимнинг 2 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан масъул лавозимларга тайинланган, 2 нафари туман ҳокими ўринбосари лавозимига, 1 нафари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига, 2 нафари Стратегик ривожланиш агентлигига, 6 нафари “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖга, қолган 11 нафар ходимнинг аксар қисми Давлат активларини бошқариш агентлигига, Самарқанд вилояти ҳокимлигига, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга, Давлат активларини бошқариш агентлиги таъсисчилигидаги “UzAssets” АЖ инвестицион ҳамда Enter Engineering компаниялари каби қатор ташкилотларга ишга қабул қилинган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Қўмита марказий аппарати раҳбарлик лавозимига 1 та тайинлов амалга оширилган, 14 нафар ходим билан эса меҳнат шартномаси тузилган (14 нафар ходимнинг барчаси очиқ танлов якунлари бўйича ишга қабул қилинган).
2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Қўмитада жами 21 та лавозим бўйича бўш иш ўринлари мавжуд бўлиб, шундан 17 таси бўйича очиқ танловлар давом этмоқда.
Учрашув давомида Қўмита ходимлари учун жамоани шакллантириш, бошқарувда қарорлар қабул қилиш мавзуларида махсус семинар-тренинглар ташкил этиш, вакант лавозимлар учун очиқ танловларни ўтказиш(бунда барча учун тенг имконият яратиш), ходимлар фаолиятини KPI бўйича баҳолаш тизимини жорий қилиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.