Рақобат қўмитаси томонидан такси агрегаторларининг истеъмолчилар ҳамда ҳайдовчиларга кўрсатиладиган хизматлар ва нархлар юзасидан ўрганишлар бошланди
Сўнгги кунларда йирик такси агрегаторлари фаолиятида кузатилаётган техник носозликлар оқибатида бошқа рақобатчи бўлган агрегаторларда ҳам такси хизмати нархлари тиғиз вақтларда бир неча баробаргача қимматлашгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан такси агрегаторларининг хизмат нархлари ва инсофсиз рақобатни амалга ошириши аломатлари бўйича ўрганишлар бошланди.
Ўрганиш давомида такси хизматлари нархларининг оширилиши асослилиги ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан такси агрегаторларидан:
– дастурда такси хизматлари нархларини шакллантирувчи алгоритм созламаларини қайта кўриб чиқиш ва нархлар кескин ва сунъий тарзда ошишининг олдини олиш;
– ҳайдовчиларнинг маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишда вужудга келган носозликларни бартараф этиш;
– асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш чораларини кўриш;
– ҳайдовчилар томонидан бажарилган буюртмалар учун тўлаб берилиши кўзда тутилган барча бонусларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, тўлаб бериш;
– “Рақобат тўғрисидаги” Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга оширмаслик;
– ҳайдовчилар ва истеъмолчилар учун 24 соат ишлайдиган техник ёрдам кўрсатиш марказларини узлуксиз фаолиятини таъминлаш чораларини амалга ошириш сўралган.
Таъкидлаш жоизки, рақобат муҳитидаги ҳар қандай ҳаракат истеъмолчилар манфаатларига зид бўлмаслиги, хизматлар нархи ва сифати эса адолатли ҳамда шаффоф тамойилларга асосланиши лозим.
Қўмита агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилганлиги аниқланган тақдирда, ўрнатилган тартибда текшириш ўтказилиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади.








