Рақобат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистондаги 22 та газ тўлдириш шохобчасида рақобатга қарши келишилган (мувофиқлаштирилган) ҳаракатлар юзасидан молиявий жарималар қўлланилди
Қўмитага келиб тушган фуқаро мурожаати асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритаётган 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги нархлар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Нукус шаҳрида фаолият юритаётган юқоридаги шохобчаларда бир вақтда 1 м³ сиқилган газ маҳсулоти амалдаги нархига нисбатан ўртача 1050 сўмгача оширилиб сотилгани аниқланган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси қўмита Махсус комиссияси томонидан ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талаблари, яъни рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилганлиги юзасидан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган айрим (9 та) субъектлар томонидан судга мурожаат қилинган, Суд томонидан қўмита қарорларининг қонунийлиги яна бир бор тасдиқланган.
Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъий назар ички бозорда фаолият юритувчи барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рақобатга қарши келишилган (мувофиқлаштирилган) ҳаракатлар юзасидан мониторинг тадбирларини давом эттиради.








