#Реклама
27 та концерт рекламасида ижро шакли кўрсатилмагани учун реклама берувчилар огоҳлантирилди
Рақобат қўмитаси Instagram саҳифалари ва ташқи реклама объектларида жойлаштирилган 27 та концерт рекламасида фонограмма ёки жонли ижро ҳақида ахборот берилмаганини аниқлади.
Ўрганишда Лолита, Ани Лорак, Mayot, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ганиева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram’даги рекламаларида шундай ҳолатлар қайд этилди. Toxi$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам ижро шакли кўрсатилмаган.
Қўмита тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш бўйича огоҳлантиришлар юборди.
Концерт рекламасида ижро шакли қандай кўрсатилади?
➡️Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, рекламада «Жонли ижро«, «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим.
➡️»Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограмма ишлатилганда, рекламада ундан фойдаланиш даражаси кўрсатилиши керак. Ташқи рекламада бу ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим. Ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин бу ҳақда аудиохабар берилишини таъминлаши шарт.
➡️»Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот кўрсатилиши шарт.
‼️ Рақобат қўмитаси концерт ташкилотчилари ва реклама берувчиларни концерт рекламаларида ижро шаклини аниқ кўрсатишга ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақиради.
🛡 Қўмита мониторинг давомида ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантиради.








