Рақобат қўмитасида блогер, вайнер ва инфлюенсерлар учун реклама тўғрисидаги қонунчилик тартиб-қоидалари бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда
🪪 Блогер, вайнер ва инфлюенсерлар ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга. Улар яратаётган реклама контенти жамоатчилик фикри, истеъмолчиларнинг қизиқишлари ва харид қарорларига таъсир кўрсатади.
Реклама яратиш ва тарқатишда қонун талабларига риоя этиш, ишончли ахборот бериш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор аҳамиятга эга.
👥 Рақобат қўмитаси ҳузуридаги «Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази» давлат муассасаси реклама соҳасида қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 20 дан ортиқ учрашувлар ташкил этди.
📌Жумладан, ўтказилган мазкур профилактик тадбирларда ўз саҳифалари ёки каналлари орқали турли мавзуларда реклама чиқишларини амалга ошираётган таниқли блогер, вайнер ва инфлюенсерлардан Б. Мансуров, А. Ҳасанов, А. Фозилов, Ш. Нарзиев ва бошқа контент яратувчиларига «Реклама тўғрисида»ги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Хусусан, рекламада муайян маҳсулот ёки хизматни тавсия қилишда унинг хусусиятлари, сифати ва имкониятлари ҳақида матн, фото, видео ҳамда жонли эфирлар орқали маълумот бериш қоидалари муҳокама қилинди.
💬 Мулоқотларда онлайн савдо, саёҳат, таълим, тиббиёт, умумий овқатланиш, спорт ва кўнгилочар томошалар йўналишларида реклама контенти яратаётган Д. Исмаилова, Ф. Назарова, К. Муродова, Ш. Холмирзаева, Г. Абдуллаева ва З.Каримовалар ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар кўнгилочар ва юмористик контентдаги реклама, шахсий тавсиялар ҳамда тижорат мақсадида жойлаштириладиган материалларнинг ҳуқуқий жиҳатлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.








