#Кун_рақами
Рақобат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан танлов (тендер) савдоларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда
Хусусан, Ўтган 2024-2026 йиллар давомида ўтказилган тендер савдоларида жами 2 091 та рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи 142,2 млрд сўмлик 399 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланган.
Ўрганишлар давомида айрим савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари, жумладан, рақобатни чекловчи талаблар белгилаш, аффилланганлик ва иштирокчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмасининг 1,144 млрд сўмдан ортиқ, Андижон вилояти Спорт бошқармаси тасарруфидаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 9,170 млрд сўмдан ортиқ ва Хонобод шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг 759 млн сўмлик танловларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 177 га яқин мансабдор шахсларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Давлат харидларида қонунийлик, шаффофлик ва барча иштирокчилар учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.








