Рақобат қўмитаси томонидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ нинг бошланғич нархи 1,2 млрд сўмдан ортиқ танлов савдоси бекор қилинди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига келиб тушган мурожаат юзасидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ буюртмачилигида жамият ҳудуди ва биноларига реклама баннерлар ҳамда ёзувлар ўрнатиш ишлари учун бошланғич нархи 1,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган танлаш савдосида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганиш натижасида, “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ томонидан “**Рақобат тўғрисида”**ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди.
Юқоридагиларга мувофиқ, Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг қонунчилик талабларига амал қилиш юзасидан ўтказган текширув натижасига кўра “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ томонидан ўтказилган танлаш савдоси ихтиёрий равишда бекор қилинди.
Аниқланган қонунбузилишларнинг олди олиниши давлат маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишини таъминлайди, шу билан бирга тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.








