СУҒУРТА САВОДХОНЛИГИНИ ОШИРИШ ВА МОЛИЯВИЙ ХИЗМАТЛАР РЕКЛАМАСИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР КУЧАЙТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 10 ноябрь куни «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-1187-сон Қонун имзоланди.
Мазкур Қонун аҳолининг суғурта саводхонлигини ошириш, молиявий хизматлар рекламасида истеъмолчиларни эҳтимолий молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда суғурта хизматлари ва кредит-молия соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорларнинг суғурта соҳасидаги саводхонлигини ошириш, суғурта хизматлари тўғрисида ишончли ахборот бериш, шунингдек, кредит маҳсулотларидан фойдаланиш билан боғлиқ молиявий хатарлар ҳақида истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур масалаларни инобатга олган ҳолда, Рақобат қўмитаси Марказий банк билан ҳамкорликда мавжуд ҳолат ва халқаро тажрибани таҳлил қилиб, молиявий хизматлар рекламасига тегишли огоҳлантиришларни киритиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Қонун билан қуйидаги муҳим янгиликлар белгиланди:
5-моддага мувофиқ — суғуртага оид саводхонликни оширишга қаратилган ахборот ижтимоий ахборот тури сифатида белгиланди.
20-моддага мувофиқ — тегишли соҳалардаги ваколатли давлат органлари ҳам ижтимоий ахборот реклама берувчилари сифатида белгиланди.
43-моддага мувофиқ — кредит, шу жумладан микроқарз рекламаларида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши шартлиги белгиланди.
Эътиборли жиҳати: бундай огоҳлантириш реклама майдони ва эфир вақтининг камида 10 фоизини ташкил этиши лозим. Мазкур Қонун суғурта хизматлари тўғрисида аҳолига ишончли ахборот етказиш, суғурта саводхонлиги ва ушбу хизматларга бўлган ишончни ошириш, шунингдек, кредит маҳсулотларидан фойдаланишда молиявий хатарлар ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилиш ҳамда масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Кредит рекламасидаги огоҳлантириш талаби ундан 3 ой ўтгач амалга киритилади*.*








