Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқлар орқали “Centrum Air” авиакомпанияси парвозининг Истанбул-Фарғона рейсида учиб келдик, аммо багажларимизни ололмадик…” мавзуида бир қатор фуқаролардан мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда, жорий йилнинг 3 октябрь куни мазкур рейсни амалга ошириш олдидан кўрилган тайёргарлик жараёнида ҳаво кемасининг парвоз хавфсизлиги авиация стандартлари ва уни эксплуатация қилиш тартибларига асосан қатъий техник чеклов амал қилинганлаги ва 53 нафар йўловчига тегишли бўлган 94 та рўйхатдан ўтган багажи вақтинча тушириб қолдирилгани аниқланган.
Ўрганишлар натижасида 5 октябрь куни “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан 94 та багаж (умумий вазни
2 175 кг) махсус авиация контейнерларига жойлаштирилган ҳолда Истанбул аэропортидан жўнатилган ва Тошкент халқаро аэропортига келиб тушган барча багажлар зудлик билан расмийлаштириб, кейинги рейси билан Фарғона шаҳрига етказилиб, йўловчиларга тўлиқ ҳажмда топширилиши таъминланган.
Шунингдек, мазкур рейсга багажи етказиб берилиши кечикканлиги муносабати билан компенсация сўраб авиакомпанияга мурожаат қилган йўловчиларга 7 октябрь санасигача компенсация суммалари ҳам тўлаб берилган.
Шунингдек, авиакомпания томонидан йўловчиларни багаж кечикишининг сабаблари, кейинги ташиш жараёни ва етказиб бериш муддатлари ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш, багажни “RUSH baggage” тартибида тезкор расмийлаштириш, унинг якуний манзилга жўнатилишини назорат қилиш ҳамда аеропорт хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.




