Жорий йилнинг 1 май куни Рақобат қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасида кенг жамоатчилик вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Қўмита раиси маслаҳатчиси О.Усмонов, ҳудудий бошқарма бошлиғи В.Қаҳҳоров ва бошқа тегишли ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Мазкур очиқ мулоқот давомида, жисмоний ва юридик шахслардан 20 дан ортиқ мурожаат ва таклифлар қабул қилинди.
Жумладан,
– М.Бобоеванинг вилоятда фаолият олиб борувчи қурилиш корхонасидан тадбиркорлик қилиш мақсадида савдо дўкони сотиб олиш учун тўлов қилган пул маблағларини қайтарилиши;
– А.Эллиевнинг буюртмасига асосан BTS почта орқали етказиб берилишида чолғу асбобни носоз ҳолатга тушганлиги;
– А.Усмонов газдан асоссиз ҳисобланган қарздорликни қайта кўриб бериш юзасидан қилган мурожаатлари қабул қилиниб тегишли тартибда ижрога йўналтирилди.
Шунингдек, тадбирда тадбиркор Д.Ражаповнинг банкдан кредит олиб уни муддатидан олдин ёпиб бўлгандан сўнг суғурта учун қилган тўловларни фойдаланилмай қолган қисмни қайтариш ва бу тизимни такомиллаштириш юзасидан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вакили А.Ахмедовнинг давлат мактабгача таълим ташкилотларида масъул ходимларни тиббий кўрикдан ўтиш тизимидаги муаммолар ва уни такомиллаштириш юзасидан, шунингдек истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш тизимида рақамли назоратни жорий этиш бўйича ва бошқа таклифлари ҳамда К.Ҳафизов суғурта ташкилотларининг оммавий оферталарини истеъмолчилар манфаатлари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлари тингланди ва уларни кўриб чиқиш юзасидан тегишли масъул органларга таклифлар киритилиши белгиланди.
Маълумот ўрнида. Pақобат қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан 2024 йил якунлари бўйича жами 1300 га яқин ва 2025 йил I-чораги давомида 400 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Амалга оширилган ишлар натижасида 2024 йил давомида 5 млрд сўмга яқин ҳамда 2025 йил I-чорагида эса 1,5 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.