Рақобат қўмитасига алоқа, савдо, транспорт ва коммунал хизматлар соҳалари бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ечимини топмоқда
Мурожаатларни ҳал этиш жараёнида фуқаролар манфаати устувор аҳамият касб этаётгани натижасида кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу эса қўмита фаолиятининг очиқлиги ва фуқаролар билан мулоқотнинг самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
📍Бухоро вилояти
Фуқаро З.Ҳ “Uztelecom”нинг интернет хизматига тўловини амалга оширган бўлса-да компания томонидан фаоллаштирилмаганлиги ҳамда ишламаган кунларини қайта ҳисоб-китоб қилиб кейинги ойга қўшиб берилишида ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, “Uztelecom” компанияси томонидан фуқарога қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
📍Андижон вилояти
Асака туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Т. томонидан янги ҳисоблагич ўрнатилганидан сўнг ичимлик суви қаттиқ ҳолатга келгани сабабли ундан фойдаланмаётганини билдирган.
Шу билан бирга, фуқаро сув таъминоти хизматларидан амалда фойдаланмаган бўлса-да, тўловларни мунтазам амалга ошириб келаётганини, аммо унга 260 минг сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, фуқарога чиқарилган асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
📍Фарғона вилояти
Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Т.М. “Alfa kids” онлайн дўкони орқали 2 та болалар кийимини буюртма қилганини, 530 минг сўм тўлов қилган. Бироқ маҳсулот етиб келганда кийимлар эски ва доғланган ҳолатда бўлган. Шу сабабли у маҳсулотни қайтариб юбориб, тўлаган пул маблағларини қайтариб берилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, фуқарога маҳсулот учун тўлаган пул маблағи тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
📍Жиззах вилояти
Пахтакор туманидан фуқаро Б.Ш. “ISHONCH” дўконлар тармоғидан 6,5 млн сўмга муддатли тўлов асосида харид қилган “Бирюса” русумли музлаткич икки ойдан сўнг носоз бўлиб қолганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, дўкон маъмуриятига бир неча бор мурожаат қилганидан сўнг сервис ходимлари келган, аммо музлаткични таъмирламай кетишганлиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борган ўрганишлар натижасида, шартнома бекор қилинди ва мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.
#Мурожаат_ва_натижа








