РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ УСТУН МАВҚЕГА ЭГА КОРХОНАЛАРНИ НАРХЛАРНИ АСОССИЗ ОШИРМАСЛИККА ЧАҚИРАДИ
Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан устун мавқега эга корхоналар фаолияти, хусусан, улар томонидан қўлланилаётган нархлар доимий назорат ва мониторинг қилиб борилмоқда.
2026 йил 1 июндан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари 10 фоизга оширилиши айрим маҳсулот ва хизматлар таннархига маълум даражада таъсир кўрсатиши табиий. Бироқ, бу ҳолат монопол ва табиий монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асосланмаган тарзда ошириш учун сабаб бўла олмайди.
Қўмита томонидан монопол ва табиий монопол маҳсулотлар таннархидаги ёқилғи-энергетика ресурсларининг улуши ва уларнинг ошиши маҳсулот нархига таъсири олдиндан прогноз қилинган бўлиб, муқаддам маҳсулот ва иш хизматлар нархларини ҳақиқий харажатларга нисбатан юқори даражада шакллантирган устун мавқега эга корхоналарга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
‼️ Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монопол корхоналарни нархларни белгилашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга чақириб, ҳар қандай асоссиз нарх ошириш ҳолатларига нисбатан қонуний чоралар кўрилишини маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархлари иқтисодий асослантирилмасдан ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
📌 Рақобат қўмитаси томонидан бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги назорат тадбирларини изчил давом эттирилаётганлиги маълум қиламиз.








