Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйишда 1 млрд 249 млн сўм асоссиз даромад олинганлиги аниқланди
Қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлилларда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори талаблари бузилган ҳолатлари аниқланган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар бериб борилмоқда.
Ҳудудлар кесимида олиб борилган ўрганишлардан,
🟠Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “VODIY SANOAT FAXRI” МЧЖ фаолияти бўйича ўрганишлар ўтказилганда пахта толаси, пахта момиғи (линт) ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотларни реализация қилишда биржа савдолари орқали сотиш тартибларига риоя этилмагани, шунингдек айрим маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилгани ва ундан асоссиз даромад олингани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан асоссиз олинган 133 млн 800 минг сўмни ундириш ва унга нисбатан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилди. Шунингдек, қонунбузарликларни бартараф этиш, келгусида такрорламаслик ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🟠Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма 2025 йилнинг январь-май ойлари ҳолати бўйича олиб борган ўрганишларда “JR COTTON” МЧЖ томонидан 970 млн 255 минг сўмдан ортиқ товар маҳсулотлари яъни пахта толаси чиқиндиларини биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилгани аниқланди.
Бошқарма Махсус комиссияси томонидан товар мазкур корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, қонун бузилишини тўхтатиш ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🟠Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма мониторинглари натижасида 14 та юқори ликвидли маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Махсус комиссия томонидан 11 та корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди. Ёғ-мой корхонасида нархларни сунъий ошириш орқали 65 млн 400 минг сўм асоссиз даромад олингани аниқланиб, уни ундириш бўйича кўрсатма ҳам берилди. Шунингдек, 2 та корхона мансабдор шахсига маъмурий жарима қўлланилди.
🟠Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “DYNAMIC ELECTRONICS” МЧЖ томонидан юқори ликвидли ун маҳсулотлари тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилгани, натижада 22,6 млн сўм асоссиз даромад олганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан мазкур МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
🟠Сурхондарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Denov chorvachilik omuxta yem” МЧЖнинг биржа савдолари фаолияти бўйича ўтказилган ўрганишларда маҳсулотлар биржа савдоларига қўйилмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги, натижада 11,8 млн сўм асоссиз даромад олинганлиги аломатлари аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолати ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, мазкур субъектга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
🟠Қорақалпоғистон Республикаси
Қўмита томонидан “ELLIKQAL’A OLTIN TOLASI KLASTERI” МЧЖ томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилиб, ундан 430,8 млн сўм асоссиз олингани аниқланди.
Мазкур ҳолат Қўмита Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, жамиятга нисбатан қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатма берилди
🟠Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Mirishkor ratex tekstil” МЧЖ фаолиятида биржа савдолари тартибига риоя этилмагани яъни паxтa толаси, техник чигит ва бошқа маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари ўз вақтида ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмагани, шунингдек 584,9 млн сўмлик асоссиз даромад олинганлиги аниқланди.
Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди ҳамда қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.








