Рақобат қўмитаси томонидан EDA AI иловаси фойдаланувчилари ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан кўрсатма берилди
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар мурожаатларини мунтазам таҳлил қилиб, муаммолар сабабларини ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда.
Мурожаатлар таҳлили натижасида айрим рақамли платформалар ва замонавий ахборот технологиялари орқали хизматлар кўрсатиш жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид бўлган ҳолатларга йўл қўйилаётгани аниқланмоқда.
Хусусан, жорий йилда Қўмитага EDA AI мобил иловаси фаолияти юзасидан истеъмолчилардан 10 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларда асосан қуйидаги ҳолатлар кўрсатилган:
– илова орқали бир ойлик обуна учун 38 000 сўм тўлов қилишга розилик билдирилган ҳолда, карта маълумотлари киритилганда ёки Payme, Click ҳамда бошқа тўлов усуллари танланганда, истеъмолчини олдиндан хабардор қилмасдан ва унинг қўшимча розилигисиз бир йиллик обуна қийматида маблағ ечиб олингани;
– обуна тўлови учун банк картасидан маблағларнинг такроран ечиб олингани;
– обунани бекор қилиш ёки асоссиз равишда ечиб олинган маблағларни қайтариш имконияти мавжуд эмаслиги;
– хизмат кўрсатувчининг алоқа маълумотлари ва фойдаланувчилар билан қайта алоқа ўрнатиш механизми мавжуд эмаслиги;
– истеъмолчиларнинг маблағларни қайтариш ҳақидаги мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани;
– иловани ишлатишдан олдин рўйхатдан ўтиш ва телефон рақамини киритиш талаби қўйилгани ҳамда мазкур талаблар бажарилганидан сўнг обуна учун тўлов қилиш зарурлиги;
– илованинг ишлашида техник хатолар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари калориясини ҳисоблашда ноаниқликлар мавжудлиги;
– реклама материалларида хизмат шартлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот берилмагани, хусусан, “Иловани ҳозир юклаб олинг ва бепул синаб кўринг”, “Осон озинг” каби рекламавий даъватлар орқали истеъмолчиларда хизматдан фойдаланиш шартлари юзасидан нотўғри тасаввур шаклланиши мумкинлиги.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари нуқтаи назаридан ўрганилди.
Жумладан, Қонуннинг:
🟣6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги;
🟣7-моддасига мувофиқ, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги;
🟣19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги;
🟣23-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эгалиги;
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 9-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўзлари тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши, шунингдек, рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, Рақобат қўмитаси томонидан “THINKING APPS” МЧЖга EDA AI мобил иловасидан фойдаланиш жараёнида истеъмолчилар мурожаатларида қайд этилган ҳамда фойдаланувчилар манфаатларига зид бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан кўрсатма юборилди.
Шу билан бирга, жамиятга истеъмолчилар билан муносабатларда, шунингдек, реклама ва маркетинг тадбирларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлари талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.








