#Навоий_очиқ_мулоқот
Рақобат қўмитаси раҳбари бошчилигида Навоий вилоятида тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирни Қўмита раиси кириш сўзи билан очиб берди.
У ўз нутқида «Қўмита ўз фаолиятида устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, рақобатни қўллаб-қувватлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш нафақат иқтисодий зарурат, балки конституцион норма ҳисобланади. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш Қўмитанинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади».
Қўмита раиси монополияга қарши органларнинг миллий ва халқаро даражадаги аҳамиятига тўхталиб, уларнинг соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳудудларда мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари асосида аниқ амалий ечимлар ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди. Бу жараёнда юзма-юз очиқ мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Очиқ мулоқот давомида, жисмоний ва юридик шахслардан 10 дан ортиқ мурожаат ва таклифлар тингланди.
Хусусан,
➡️ Вилоят ҳудудидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи Бошқарув сервис компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳолатини ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш бўйича;
➡️ Чиқинди хизмати бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда электр энергиясини ўчириб қўйиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш;
➡️ Ун маҳсулотининг маълум бир қисмини биржа савдолари орқали эмас, балки тўғридан-тўғри чакана савдо тармоқлари орқали сотиш амалиётини жорий этиш;
➡️ Коммунал соҳадаги тарифлар ва нархларга асос бўлувчи қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қилган мурожаат ва таклифлари қабул қилиниб, уларни тегишлилиги бўйича ҳал этиш юзасидан масъул давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли вазифалар белгилаб олинди.
✅ Бундан ташқари, очиқ мулоқот давомида “ZARAFSHON GOLDEN GROUP” МЧЖ вакили “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан корхонага асоссиз равишда қарздорлик ҳисобланганлигини маълум қилиб, Қўмита аралашуви натижасида ушбу масала ижобий ҳал этилгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек, тадбир давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг тарғиботи даражаси паст қамровда эканлиги ва бу юзасидан Навоий вилоятида тегишли чора-тадбирларни кучайтириш, бу каби семинар, тарғибот ишларини кўпроқ амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Очиқ мулоқот давомида Қўмитанинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтган 2025 йил якунлари ва 2026 йил I-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтилди.
Очиқ мулоқот танқидий ва ўзаро муҳокамалар руҳида ўтди, унда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, соҳага оид долзарб масалалар юзасидан иштирокчилар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот ўрнида: Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига 2025 йил якунлари бўйича жами 1 800 дан ортиқ ва 2026 йил I-чораги давомида 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар ва ўрганиш ишлари натижасида, 2025 йил давомида 100 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 35 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг I-чорагида эса 12 мингга яқин истеъмолчилар манфаати ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 10 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.








