Рақобат қўмитаси қисқа рақамларга боғланишда кўп вақт йўқотилиши ва уланишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифларини Рақамли технологиялар вазирлигига юборди
Истеъмолчининг асосий ҳуқуқларидан бири – товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олишдан иборатдир.
Бироқ, кейинги пайтларда аҳоли билан ишловчи барча турдаги ташкилотларнинг қисқа рақамларни доимий бандлиги, оператор билан уланиш учун узоқ вақт кутишга тўғри келинаётгани, қўнғироқларга жавоб берилмаслиги, навбат яқинлашганда техник узилишлар каби ҳолатлар долзарб муаммоларидан бирига айланмоқда.
Рақобат қўмитаси ўтказган ўрганишларда, мобил алоқа абонентларидан энг кўп қўнғироқлар электр тармоқлари, газ ва сув таъминоти ва хизматларнинг бошқа ҳаётий муҳим бўғин рақамларига амалга оширилган ҳамда умумий ўртача кутиш давомийлиги ҳатто айрим ҳолатларда 10-30 дақиқагачани ташкил этган.
Хусусан, ўрганишлар таҳлили яна шуни кўрсатадики, коммунал соҳа билан боғлиқ мурожаатларнинг 80-90 фоизидан ортиғи қўмитанинг 1159 ишонч рақами орқали қабул қилинган ва уларнинг сони қуйидаги тарзда кескин ортиб борган:
🔘газ таъминоти бўйича – 4,5 баробар;
🔘маиший чиқинди хизматлари бўйича – 2,4 баробар;
🔘ичимлик суви ва қурилиш хизматлари бўйича – 1,2 баробар.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар алоқа марказларида фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, бу эса жисмоний ва юридик шахслар тегишли ишонч телефонларидан тўлиқ ва самарали фойдалана олмаслиги ҳамда кўплаб вақтини йўқотаётган фуқароларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб, натижада муаммоларини тўғридан-тўғри, қисқа вақтда ечим топишига тўсқинлик қилаётгани аниқланди.
Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг беҳуда йўқотган вақтларини қадрлаш, хизмат кўрсатиш корхоналари қисқа рақамига ишончини ошириш мақсадида ишонч телефонларидаги техник ва ташкилий муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар белгиланган тартибда Рақамли технологиялар вазирлигига юборилди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 ноябрдаги 790-сонли қарорида белгиланган алоқа марказлари фаолиятини баҳолаш тартибини аҳоли билан ишловчи барча ташкилотларга татбиқ этиш, камчиликлар учун аниқ жавобгарлик белгилаш ҳамда натижаларни очиқ эълон қилиб бориш таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур таклифларни амалиётга жорий этиш аҳолининг ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш жараёнини янада тезкор ва қулай қилиб, ортиқча вақт сарфининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.








