Рақобат қўмитаси Хоразм вилоятида “Долзарб бир ойлик” тадбирларини ўтказмоқда
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги Фармойиши билан бошланган “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги доирасида Рақобат қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги маҳаллаларда олиб борилган ўрганишлар томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, ҳудудларни ободонлаштиришни жадаллаштиришда муҳим қадам бўлмоқда.
Қўмита раиси Ҳалилилло Турахужаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда Янгиариқ туманидаги “Собурзон”, “Янгиобод”, “Янгиер”, “Уйғур” ва “Жалоил” маҳаллаларида ўтказилган ташриф давомида, аҳоли турмуш тарзи билан танишилди, йигирмага яқин хонадон томорқалари, экинлар учун иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни суғориш тармоқлари билан таъминланиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди. Ташриф давомида аҳоли билан суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг муаммолари ҳамда таклифлари тингланди.
Мисол учун “Собурзон”, “Янгиобод” ва “Хўжалар” маҳаллаларида фуқаролар хонадони томорқалари ва дала майдонлари экинларини суғориш учун ариқларни бетонлаштириш ҳамда оқава сув қувурларини ётқизиш бўйича бошланган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Учрашувлар давомида бундай ишларни самарали ташкил этиш мақсадида ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркор, уста деҳқон ва агрономлар бириктирилди.
Шунингдек, маҳаллаларнинг гузарлари ва кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Қўмита ишчи гуруҳи мазкур маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича мевали ва манзарали дарахтлар, бута ва гул кўчатлари экиш бўйича ташкиллаштирилган ишлар ҳамда тумандаги Шайх Мухтор Вали зиёратгоҳида олиб борилаётган реконструкция ишлари билан ҳам танишди.