Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назорат харидлари давомида сотиб олинган намуналар таҳлилдан ўтказилиши учун Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида Давлат назорати Департаменти лабораторияларига юборилмоқда. Синов натижалари қандай?
Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар савдосига чек қўйилди
Жиззах вилояти
Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат хариди тадбири учун Жиззах шаҳар “Марказий деҳқон бозори” АЖ савдо расталаридан 22 та маҳсулот турларидан намуналар сотиб олинди.
Харидлар жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган ош тузининг яроқлилик муддати, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган. Мазкур ош тузи таркибидаги йод миқдорини ўрганиш мақсадида “UZ TEST” марказига юборилди.
Шунингдек, колбаса, газли “Морс” ва болалар яхна ичимликлари, “Мусаффо” йогурт маҳсулотлари сифати ва таркиби Давлат стандарти талабларига мос келишлиги (келмаслиги) юзасидан экспертиза (тест) хулосаларини олиш учун лабораторияга топширилди.
Бундан ташқари, 2 турдаги майонез маҳсулотларининг ҳам истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланди. Ушбу сотилаётган сифатсиз маҳсулотлар қонунчиликда белгиланган тартибда савдодан олиб ташланиши таъминланди.
“VANG‘OZI AGRO EKSPORT” МЧЖ ва “JO‘RA MARDON GARAND” МЧЖлар ишлаб чиқарган пахта ёғ маҳсулотларининг ранги стандарт талабларига жавоб бермади
Навоий вилояти
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан аҳоли учун сифатли ва хавфсиз бўлган маҳсулотларни аниқлаш ва уларни лаборатория текширувларидан ўтказиш мақсадида 22 маротаба, ўндан ортиқ маҳсулотлар жумладан, ош тузи, ун, ўсимлик ва пахта ёғи, сут ва сут маҳсулотлари, хўжалик совуни, кўмир, цемент, бензин, паялник маҳсулоти ва 2*4.0 турдаги алюмин ўтказгич (кабел)лар тегишли тартибда харид қилиниб, лаборатория синовларидан ўтказилди.
“Ўзбекистон илмий ва сифат назорати маркази” давлат муассасасининг синов натижаларига кўра, “VANG‘OZI AGRO EKSPORT” МЧЖ ва “JO‘RA MARDON GARAND” МЧЖлар томонидан ишлаб чиқарилган пахта ёғ маҳсулотларининг ранги стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Ҳудудий бошқарма ушбу маҳсулотни истеъмолга яроқлилиги ёки яроқсизлиги бўйича белгиланган тартибда хулоса олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Навоий вилоят бошқармасига сўров хати юборилди.
12 номдаги маҳсулотлар амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланди
Тошкент шаҳар
Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил январь-июль ойларида назорат хариди учун савдо шохобчаларидан 84 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва аккредитaциядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилди.
Синов натижаларида 12 номдаги маҳсулотларни амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан ҳудудий бошқарма тегишли чораларни кўрмоқда.