Рақобат қўмитаси коммунал хизматлар билан боғлиқ фуқаролар мурожаатларини ўрганишда давом этмоқда. Қонун бузилишлари аниқланган ҳолларда, истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш ва асоссиз қарздорликларни бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.
Жиззах вилояти
Жиззах шаҳридаги “SIMPLE TRADE GROUP” МЧЖ раҳбари М.М. сув таъминоти компаниясининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилди. “JIZZAX SUV TA’MINOTI” АЖ ходимлари сув ҳисоблагач ускунаси муҳри мавжуд бўлмаганлиги сабабли, мухр ўрнатмасдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги бўйича далолатнома расмийлаштириб, корхона зиммасига 61 млн сўм нореал қарздорлик ҳисоблаб хабарнома юборган. Бу борада мурожаатчи жамиятга берган аризаси инобатга олинмаганлигини маълум қилиб, ушбу қарздорликни қонунийлигини ўрганиб чиқилишида ва бекор қилинишида амалий ёрдам берилишини сўраган. Ўрганиш натижалари бўйича қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда “JIZZAX SUV TA’MINOTI” АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузишларни бартараф қилиш яъни “Жиззах сув таъминоти” АЖ томонидан 61 млн сўм миқдордаги асоссиз қарздорлик “SIMPLE TRADE GROUP” МЧЖ фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича ёзма кўрсатма берилди.
Наманган вилояти
Мингбулоқ туманидаги “Оқ-қум марвариди” балиқчилик фермер хўжалиги раҳбари Т.Х. электр таъминоти бўйича 20,3 млн сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилди. Бошқарма томонидан мурожаат ўз вақтида ўрганилиб мурожаатчига ҳисобланган 20,3 млн сўм қарздорлик асоссиз эканлиги ўз исботини топди ва фуқаронинг қонуний ҳуқуқи тикланиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи У.Ф. фуқаронинг олдиндан тўлови бўлишига қарамасдан сув таъминоти корхонаси томонидан 1,2 сўм асоссиз қарздорлик юкланганидан норози бўлиб Қўмитага мурожаат қилган. Фуқаронинг мурожаатида келтирилган масала юзасидан Қўмита мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, кўрсатилган 1,2 млн сўм асоссиз қарздорлик сув таъминоти корхонаси томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Навоий вилояти
Кармана туманида истиқомат қилувчи Ғ.Ж. янги хонадонига электрон ҳисоблагични ўрнатиш ва рўйхатга олиш учун 323 000 сўм тўлов қилган, аммо, электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳисоблагични ўрнатиш ва ҳисобга олиш пайсалга солиб келинаётганлиги баён этилган. Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, “HUDUDIY ELEKTR TARMOQLARI” АЖ Навоий ҳудудий филиали томонидан фуқаро хонадонидаги ҳисоблагич рўйхатга олиниши ва тармоққа улаб берилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Олтиариқ туманида яшовчи О.Р. уйига суюлтирилган газ ўз вақтида етказилмаётгани ҳақида мурожаат қилди. Қўмита текшируви орқали 5 март куни унинг хонадонига имтиёзли нархда 2 дона газ баллони етказиб берилиши таъминланди.