Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига аҳолидан янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойларни шартномага номувофиқ ҳолада таъмирланмаганлиги ёки белгиланган муддатда топширилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро В.А. “SHOXJAHON DENTA” МЧЖ қурилиш корхонаси билан шартнома асосида Урганч тумани, “Оқ ариқлар” маҳалласида жойлашган 59-уй, 19-хонадонни нотариус орқали олди-сотди шартномаси билан сотиб олгани, аммо бугунги кунда муаммога дуч келаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда одатдан ташқари ҳолатга дуч келинди: Қурувчи ташкилот ходими томонидан фуқарога мазкур уйнинг 19-хонадони ўрнига адашиб, 18-хонадони кўрсатилиб, унинг калити топширилган. Фуқаро эса бундан хабари бўлмай, хонадонни 150 000 000 сўм маблағ сарфлаб таъмирлатган, сўнг унга кўчиб ўтган.
Бироз вақт ўтгач, 18-хонадоннинг ҳақиқий эгаси келиб, уйни бўшатишни талаб қилган ва унга тегишли ҳужжатларни кўрсатган. Улар орасида уйни алмаштириш ёки таъмир учун сарфланган маблағни тўлаб бериш ҳақида келишувга эришилмаган.
Ўрганишлар давомида қурилиш корхонаси томонидан ушбу ҳолатда катта масъулиятсизликка йўл қўйилгани жиддий оқибатларга олиб келгани маълум бўлди. Яъни янги қурилаётган уйларни сотишда харидорлар билан тўғри ва аниқ алоқа ўрнатилмаган, кимга қайси хонадон ажратилганлиги ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган, бундай хатоликларнинг олдини олиш ёки йўл қўймаслик чоралари кўрилмаган.
Мурожаатни ўрганиш натижасида истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилиб, ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. “SHOXJAHON DENTA” МЧЖ томонидан 19-хонадон тўлиқ таъмирлаб берилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари белгиланган.
Хусусан, товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш белгилаб қўйилган.