“XXI аср” газетасининг №37 сонида “Артел”жон алдовларинг тугар қачон?” сарлавҳаси остида 2024 йил 12 сентябрда фуқаро Н.Э мурожаат билдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда харид қилиниб, 7-қаватга ўрнатилган кондиционер кафолат муддатида сифатсиз чиққани, кондиционер ишлаб чиқарувчининг техник шартлари ва тавсияларини бузган ҳолда ўрнатилгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Ўрганишлар натижасида “ARTEL SUPPORT” МЧЖнинг сервис маркази томонидан ишни бажариш учун махсус рухсатга эга бўлган мутахассис монтажчилар жалб қилиниб, юқори қаватдаги кондиционер демонтаж қилинди ва қисқа фурсатда таъмирлаб берилиши таъминланди.