Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича ҳайдовчилар сони “ЧЕКЛАНМАГАН” ҳолда фойдаланиш шарти билан “INSON” АЖ суғурта ташкилоти томонидан расмийлаштирилган электрон суғурта полислари бўйича транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошларининг жавобгарлиги учун суғурта товони тўлаб берилмаётганлиги аниқланган.
Барчага маълумки, амалиётда суғурта полиси ҳайдовчилар сони “ЧЕКЛАНМАГАН” ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилганда полиснинг 7-бандидаги “Транспорт воситасининг эгасининг ихтиёри билан мазкур транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни бошқаришга қўйиладиган яқин қариндошлари (ота, она, эр/хотин, ўғил, қиз, ака, ука, опа, сингил)” қаторлари тўлдирилмайди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 12-апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ушбу транспорт воситасидан мустақил фойдаланиши ва бошқариши мумкинлиги белгиланган. Қолаверса, мазкур ҳаракат учун ишончнома талаб қилиш тартиби 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинган.
Шунга қарамасдан, суғурта ташкилоти томонидан суғурта товони тўлаб берилмаган. Бунга сабаб сифатида “ЧЕКЛАНМАГАН” суғурта полисида транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошларининг исм-шарифлари ва қариндошлик даражаси кўрсатилмаганлиги ҳамда шу сабабли уларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмаганлиги важ қилиб кўрсатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Қўмита томонидан “INSON” АЖ суғурта ташкилотига нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси (Ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари) бузилиши аломатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.