Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан инсофсиз рақобатни амалга ошириш ҳолатлари назоратга олиниб, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Қўмита хабарига кўра, жумладан, Тошкент вилоятида жойлашган “ФОТИҲ КРАЛ МОБ” МЧЖ “ХАНСКИЙ” товар белгисининг ҳуқуқий эгаси эканлиги, бироқ “ГУЛЖАХОН-ГУЛАНДОН” МЧЖ томонидан ҳам “ХАНСАРОЙ” товар белгиси остида пишлоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, унинг ҳуқуқлари поймол қилинаётганлиги ҳақида ҳудудий бошқармага мурожаат тушган. Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида “ГУЛЖАХОН ГУЛАНДОН” МЧЖ маҳсулоти қадоқлаш қутисининг ташқи кўриниши, номи, ранглар уйғунлиги “ФОТИҲ КРАЛ МОБ” МЧЖ маҳсулоти қадоқлаш қутисининг ташқи безатилиши, номи, ранглар уйғунлиги билан ўхшашлиги, бу ўз навбатида истеъмолчини чалғитиши мумкинлиги ўз тасдиғини топган. Юқоридаги ҳолатга мувофиқ, ҳудудий бошқарма махсус комиссиясиси томонидан “ГУЛЖАХОН-ГУЛАНДОН” МЧЖга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиш аломатлари билан иш қўзғатилиб, келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган. Шунингдек, Жиззах шаҳарида фаолият олиб бораётган “ИСЛОМ ИСОКОВ” МЧЖга қарашли сомсахона биносининг пештоқига “№1. Қипчоқ сомса маркази” кўринишдаги ёзувлар “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда жойлаштирилганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “ИСЛОМ ИСОКОВ” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори талаблари бузилганлиги юзасидан иш қўзғатилиб, келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.