Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Ф-18-сонли Фармойишига асосан 2025 йил 11 мартдан республикамизда “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди.
Мазкур Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси раиси Халиллило Турахужаев бошчилигида ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганишлар ўтказмоқда.
Дастлаб Боғот туманининг “Найман”, “Нурли маскан”, “Тўпчи” маҳаллаларида, Хазорасп туманининг «Бўстон» ва «Боғдор» маҳаллалари, сўнг Тупроққалъа туманининг «Ёшлик» ва «Пастом» маҳаллаларида амалий ўрганишлар ўтказилди. Унда ижтимоий масалалар, хусусан, томорқа ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш, бу борада ерларни тайёрлаш, кўчат экиш ва иссиқхоналар қуриш, қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар берилди.
Томорқа хўжалиги ва суғориш тизимида юзага келаётган муаммолар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни ташкиллаштириш, дала чети ва коллектор-дренаж атрофларида кўчат экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, аҳоли томорқаларига сув етказиб берилиши юзасидан Боғот туманидаги “Нурли маскан”, Ҳазорасп туманидаги “Бўстон”, “Боғдор” ва Тупроққалъа туманидаги “Пастом”, “Ёшлик” маҳаллаларининг даласидаги ички ариқларни бетонлаштириш, дала чети, шўр ювиш билан боғлиқ бошланган ишлар билан ҳам танишиб,тегишли тавсиялар берилди.