“15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича энг яхши корхона”ни аниқлаш учун танлов ўтказилади. Танлов натижасида ғолиб корхоналар Қўмитанинг “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси билан тақдирланади.
Танлов “Умумий овқатланиш”, “Чакана савдо”, “Онлайн савдо”, “Ишлаб чиқариш”, “Молиявий хизматлар” , “Телекоммуникация хизматлари” ва “Қурилиш соҳаси” ёъналишлари бўйича ўтказилади.
Танлов тўрт босқичда бўлиб ўтади:
биринчи босқич – танлов иштирокчиларидан аризаларни қабул қилиш (10-февралдан 28-февралгача);
иккинчи босқич – танловда иштирок этиш учун номзодлар рўйхатини шакллантириш (28–феврал);
учинчи босқич – қуйидаги баҳолаш жараёнларини ўтказиш (1-мартдан 10-мартгача):
истеъмолчиларнинг овоз бериш жараёнлари;
танлов иштирокчиларига тегишли расмий веб-сайтлардаги ахборотларни, истеъмолчилар муаммолари билан ишлаш ҳолатини ўрганиш;
“Сирли мижоз” сифатида уларнинг маҳсулоти/хизматига баҳо бериш;
танлов иштирокчилари фаолиятига доир Қўмитага келиб тушган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ахборотлар (жамоатчилик фикри) ҳамда назорат хариди натижаларини таҳлил қилиш;
тўртинчи босқич – иштирокчилар фаолиятига оид таҳлиллар, овоз бериш ва ўрганиш натижалари асосида ҳар бир ёъналиш бўйича ғолибларни аниқлаш (10–мартдан 15 мартгача);
бешинчи босқич – “15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” арафасида танлов ғолибларини эълон қилиш ва тантанали тарзда мукофотлаш маросимини ташкил этиш.
Ғолиблар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан таъсис этилган “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси (йилини кўрсатган ҳолда) эътирофига сазовор бўлади.
Танловда иштирок этиш учун https://cabinet.fairtech.uz сайти орқали рўйхатдан ўтилади. Қўшимча маълумот учун: (71) 207-47-00 (321, 266)