Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриб келади.
Ҳозирги вақтга қадар Қўмитага истеъмолчилардан автомобилларни лизинг ва ижарага берувчи корхоналар томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилмаётлиги тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улар белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Хусусан, ўтган йиллар давомида автомобиллар учун олдиндан тўловларни амалга оширган, бироқ белгиланган муддатда автомобиль етказиб берилмаган ёки тўланган пуллар қайтариб берилмаётганлиги ҳолати бўйича 2000 га яқин мурожаатлар келиб тушган.
Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми “UMID AVTO COMPANIES” МЧЖ, “ORIENT AVTO-LIZING” МЧЖ va “IMKON AVTO” МЧЖ, “MEGA AUTO LIZING” МЧЖ, “AVTO 60-OY” МЧЖ, “AVTOHAMKOR 0 FOIZ” МЧЖ ва бошқа корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур корхоналар истеъмолчиларнинг пул маблағларини қисқа муддатда янги автомобиль олиб бериш ваъдаси билан жалб қилиб, ўз мажбуриятларини бошқа истеъмолчилардан жалб қилинган маблағлар эвазига қоплаш ва истеъмолчилардан олинган пулларни қайтаришни бир йилдан ортиқ муддатга кечиктириш (ушлаб туриш) каби ҳолатларга йўл қўймоқда.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан “Umid auto leasing”, “Umid lizing Tashkent”, “Umid auto”, “Umid avto Tashkent”, “Umid avto lizing”, “Mega Avto Leasin-Hamkor”, “Mega Avto Leasin”, “Samo Rimmax Avto”, “Rimmax Auto Leasin”, “Ishonch Auto Leasin”, “Asr Auto Leasin”, “Baraka Avto Baraka Business” МЧЖлар мансабдор шахсларига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Бироқ, бугунги кунда ушбу каби корхоналар мансабдор шахслари томонидан истеъмолчиларни чалғитиш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини жалб қилиш каби ҳуқуқбузарликларни давом эттирмоқда ҳамда улар фаолияти устидан истеъмолчилардан кўплаб шикоят аризалари келиб тушмоқда.
Қолаверса, “Авто 60-ой” ва “Автоҳамкор 0 фоиз” каби аҳолини миллиардлаб пулларини ўзлаштирган автолизинг фирмалар ҳақида жуда кўп марта гапирилган бўлсада, айрим фуқароларимиз ҳамон бундай фирмалар алдовига ишонмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, автолизинг фирмалар билан шартнома тузиш (имзолаш) ва уларга пул тўлашдан аввал шартнома шартлари билан яхшилаб танишинг, унда тўловларнинг талаблари ва муаммоли вазиятларда уни қайтариб олиш муддати ва шартлари билан тўлиқ танишиб чиқинг, фирма ишончлилигини ахборот манбаларидан текширинг, ҳар қандай алдов ва ваъдаларга ишонманг.