Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1155 сонли Қонуни имзоланди.
Қонун билан 3 та кодекс ва 5 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, жумладан:
1️⃣ Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилиши белгиланди.
2️⃣ Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши белгиланди.
3️⃣ Ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган янги институт – комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг қонуний асослари яратилди. Уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан ўрнатилди.
4️⃣ Қонун билан коррупцияга қарши курашишда энг қуйи маиший коррупциядан тортиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши амалий механизмлар белгиланди.
5️⃣ Комплаенс тузилмаларнинг мустақил ва таъсирчан ишлашини таъминлаш учун ушбу бўлинмалар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ўрнатилди.
6️⃣ Комплаенс тузилмалари барча давлат органларида ташкил этилиб, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзида ҳам комплаенс-назорати тизими олиб борилади.
7️⃣ Комплаенс тузилмаларининг бутун фаолияти Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади. Эндиликда коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда курашиш эмас, ягона тизим асосида яхлит тузилма сифатида иш олиб борилади.
8️⃣ 5 турдаги коррупцион жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланди.
9️⃣ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди.
1️⃣0️⃣ “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, ҳудудий кенгашларнинг мақоми ва вазифалари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш каби 8 та янги вазифалар белгиланди.








