Давлат харидларида нархларни сунъий оширишга қарши янги механизм жорий этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1155-сон Қонун билан давлат харидлари соҳасида очиқлик ва самарадорликни таъминлашга қаратилган муҳим ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси давлат харидларида сотиб олинадиган товарлар ва хизматларнинг нархи ҳамда уларнинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган аниқ чегарасини белгилашга оид янги нормалар билан тўлдирилди.
Унга кўра, давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишда товарлар ва хизматларнинг нархи ҳамда уларнинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут бўйича белгиланадиган талабларга қатъий риоя қилиши шарт бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га киритилган қўшимчага мувофиқ, давлат хариди предметининг бошланғич нархи билан унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур тартиб давлат харидларида нархларни сунъий ошириш ҳолатларининг олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, рақобат муҳитини янада яхшилаш ҳамда коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, давлат харидларида сотиб олинадиган товарлар ва хизматларнинг ўртача бозор нархини ўрганиш ва аниқлаш, уларнинг бошланғич нархи ҳамда ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган аниқ чегарасини белгилаш, шунингдек нархларнинг шакллантирилиши юзасидан назорат ўрнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч ой муддатда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.








