Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда дори воситалари рекламасида истеъмолчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган бўрттирилган иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, рекламаларда «ноёб», «энг самарали», «энг хавфсиз», «кафолатланган натижа», «энг ишончли восита», “тез даволайди”, “ножўя таъсирлари мавжуд эмас”, “самараси исботланган” каби иборалар қўлланилмоқда.
Бундай маълумотлар истеъмолчиларда дори воситасининг хусусиятлари ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши, шифокор маслаҳатисиз ўзбошимчалик билан даволанишга ундаши ҳамда соғлиқ учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, инсон саломатлиги билан боғлиқ реклама истеъмолчиларда шифокорга мурожаат қилиш шарт эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги лозим.
“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, дори воситалари рекламасида:
🔴шифокор маслаҳатисиз мустақил даволаниш мумкинлиги ҳақида таассурот уйғотиш;
🔴олимлар, тиббиёт ходимлари ёки машҳур шахсларнинг тавсияларидан фойдаланиш;
🔴алоҳида шахсларнинг миннатдорлик изҳорлари ва муваффақиятли даволаниш ҳолатларини келтириш;
🔴дори воситасини энг самарали, энг хавфсиз ёки ноёб восита сифатида тақдим этиш;
🔴таъсири кафолатланганлиги ҳақида тасдиқ бериш;
🔴бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўйиш тақиқланади.
Шунингдек, рецептсиз бериладиган дори воситалари рекламаси қўллаш бўйича қарши кўрсатмалар мавжудлиги ҳамда мутахассис маслаҳатини олиш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши шарт.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, фуқароларни эса дори воситаларини танлаш ва қабул қилишда фақат рекламага эмас, балки шифокор тавсиясига таянишга чақиради.








