Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фуқароларни қизиқтириб, халқимиз орасида машҳур бўлган компаниялар томонидан ўтказилаётган ютуқли ўйинда иштирок этиш орқали қимматбаҳо совғалар ютиб олиш мумкинлиги ҳақидаги ёлғон реклама акциялари бериб келинмоқда, уларнинг асл мақсади алдов йўли билан фуқароларни ишонтириб, уларнинг шахсий маълумотларини билиб олишдан иборат.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда “Ucell” мобил оператори баҳор мавсуми кириб келиши муносабати билан ўз абонентларига 3 ойлик бепул мегабайт ва қўнғироқлар тақдим этилиши ҳақида акция ўтказилаётганлиги, ушбу акцияда қатнашиш учун Telegram каналга кириб, шахсий маълумотларни киритиб рўйхатда ўтиш сўралган.
Шунингдек, “Korzinka” супермаркетлар тармоғи (“Anglesey Food” МЧЖ ХК) ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган 5 та хонадон ҳамда 300 млн сўмлик ваучерлар ўйналиши ҳақида ахборотлар берилган бўлиб, ушбу акцияда қатнашиш учун Telegram каналга кириб, харид чекини рўйхатдан ўтказиш кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу ёлғон ва нотўғри реклама акцияга ишонувчилар ҳам топилган ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан акцияда иштирок учун шартларни бажарганлик бўйича изоҳлар қолдирилган.
📱 Бу сохта (фейк) Telegram канал бўлиб, кирсангиз маълумотларни киритиш сўралади, маълумотлар киритилса, аккаунтингизга фирибгарларга кириш имкони (доступ) очилади. Ушбу усул алдов схемаси бўлиб, шахсий маълумотларни (ID-рақам, банк пластик карталарини, уларнинг пин-кодини) қўлга киритиш ёки ҳисобингиздаги маблағ фирибгарлар томонидан ечиб олиниши мумкин.
Ўз навбатида, Қўмита мутахассислари томонидан “Ucell” мобил оператори ҳамда “Korzinka” супермаркетлар тармоғи (“Anglesey Food” МЧЖ ХК) расмий веб-сайтлари ўрганилганда бундай акциялар тўғрисида маълумотлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
🌐 Интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ҳолатлари катта хавотир уйғотмоқда. Шу боис, текширилмаган ҳаволаларга, веб-ресурсларга шахсий маълумотларингизни, банк картангиз маълумотларини ва SMS тарзда жўнатилган тасдиқлаш кодини киритманг.
‼️ Қўмита фирибгарларнинг турли усуллари билан банк картангиз маълумотларини билиб олишга уринишларига жавоб бермасликни, ўтказилаётган акция ҳақидаги ахборотларни расмий манбалардан олишни, ҳақиқатга мослигини текширишни ҳамда номаълум ҳаволаларга кирмасликни тавсия қилади.








