Рақобат қўмитаси республикамиз миқёсида истеъмолчиларнинг уй-жой ва қурилиш соҳасидаги мурожаатларини мунтазам равишда ҳал этиш ишларини олиб бормоқда.
Жумладан,
Самарқанд вилояти мисолида фуқаролар ва “AGROMIR BUILDINGS” МЧЖ ўртасида кўп қаватли уйларни харид қилиш учун тузилган шартномалар бекор қилинди ҳамда тўланган жами 387 млн сўмга яқин пул маблағлари истеъмолчиларга корхона томонидан қайтарилишига эришилди.
Қашқадарё вилояти мисолида Қамаши туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Р. янги хонадон сотиб олиш учун “FAYZI HAMKOR QURILISH SERVIS” МЧЖ билан шартнома тузиб, 16 500 000 сўм бошланғич тўловни амалга оширади. Аммо шартнома шартларидаги айрим камчиликлар сабаб шартнома бекор қилинди ҳамда 16 500 000 сўм миқдордаги тўлов фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Навоий вилояти мисолида Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ў. ва “MEGA STORY GROUP ZARAFSHAN” МЧЖ ўртасида шартнома тузилган. Шартномага асосан, Зарафшон шаҳрида қурилаётган 2 хонали бўлган хонадоннинг умумий баҳоси 463 600 000 сўм қилиб белгиланганлиги, шундан 88 000 000 сўм тўловни амалга оширганлиги, фуқаро ўз аризасига биноан шартномани бекор қилганлиги, бироқ “MEGA STORY GROUP ZARAFSHAN” МЧЖ томонидан қилинган тўловларни ўз вақтида қайтариб берилмаётганлигидан норозилигини билдирган ҳамда мурожаатчига 80 000 000 сўм пул маблағлари қайтарилди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг Қашқадарё, Самарқанд ва Навоий вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан қурувчи ташкилотлар (“AGROMIR BUILDINGS” МЧЖ, “FAYZI HAMKOR QURILISH SERVIS” МЧЖ ва “MEGA STORY GROUP ZARAFSHAN” МЧЖ) Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 19 ва 21 моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, истеъмолчилар ва қурувчи компаниялар ўртасида тузилган шартномалар бекор қилинди ҳамда янги хонадон сотиб олиш учун қилинган барча тўловлар мурожаатчиларга тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.