27 июнь куни Жиззах вилоятига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “BYD” компанияси президенти Ван Чуаньфуни қабул қилди.
Жиззахда гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонанинг муваффақиятли фаолияти катта мамнуният билан қайд этилди. Бугун заводдан биринчи электромобиль чиқди.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 160 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди, 1,2 мингта иш ўрни яратилди. Корхонада пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнларини ўз ичига олган юқори технологик ишлаб чиқариш ташкил этилган.
Учрашувда Президентимиз яқин истиқболда моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 500 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.
Бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, маҳсулот таннархини камайтириш ҳамда автомобилларни Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига экспорт қилиш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Компаниянинг мамлакатимизда “яшил” транспортни ривожлантириш лойиҳасида иштирок этиш режалари ҳам қўллаб-қувватланди. Бу қўшма инновацион тадқиқот марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, электр транспорти учун техник регламент ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда “Blade” авлодига мансуб батареялар ва “BYD” электробусларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.