Бутун дунёда биологик фаол қўшимчалар одамларнинг кунлик истеъмол маҳсулотига айланиб улгурди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва телеграм мессенжерида ташкил этилган гуруҳ ва каналлар орқали овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар, сувларнинг тиббиётда даволаш қийин бўлган касалликларни даволаш ва олдини олишда (профилактикада) энг мақбул ва самарали восита кўринишида тарғибот қилиш кучаймоқда.
Бунда ушбу маҳсулотларнинг рекламаси “минг бир хасталикка даво” сифатида, “мўъжизакор” таъсири ҳақида истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ, бўрттирувчи иборалар асосида жойлаштирилиши, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари томонидан мазкур маҳсулотларнинг тавсия қилиниши, даволашда фойдаланганликлари, таъсир доираси ва терапевтик самарадорлиги ҳақида фикрлар билдирилиши истеъмолчиларнинг режали (анъанавий) даволашдан воз кечиб, ўз-ўзини даволаш усулларини кенг қўлланилишига, ҳаттоки фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
Исломиддин НУРИДДИНОВ, Рақобатни ривожлантириш ва
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассиси:
— Реклама лавҳаларида фуқароларнинг диний туйғуларидан фойдаланган ҳолда далил сифатида диний блогерларнинг суратлари, улар иштирокидаги видео ва аудио лавҳалардан фойдаланилиб (муайян бир савдо белгиси аниқ гапирмаган бўлса-да), даволаш учун тавсиялар ва кўрсатмалар бериш орқали истеъмолчиларда маҳсулотларга бўлган ишончни сунъий равишда оширилишига ва пировардида нотўғри хулоса чиқарилишига олиб келмоқда.
Ачинарлиси, бундай маҳсулотларнинг диний блогерлар томонидан бевосита реклама қилиниши истеъмолчиларни чалғитиб, уларда ушбу маҳсулотларни дори воситаси ва даволаш хусусиятига эга эканлиги ҳақида янглиш фикрлар шаклланишига ҳамда уларни истеъмол қилишга ундамоқда.
Ўз навбатида, Қўмитага рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган, бироқ уларни истеъмол қилиш натижасида соғлиги янада ёмонлашган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида БФҚлар бўйича 1 мингтага яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчиларга 118 млн. сўм моддий зарарлар қопланиши таъминланган.
Даволаш
хоссаларига эгами?
Маълумот учун:
“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига доир талаблар белгиланган:
улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлиги, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги; соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги белгиланган.
Қонуннинг 47-моддасига асосан, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига доир талабларни бузганлик – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Рақобат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунига асосан ноаниқлиги, хоссалари бўрттириб юборилиши, ножўя таъсири яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талаблар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри реклама эканлиги ҳақида эслатади ҳамда бундай рекламани тарқатиш қонунчиликка биноан жавобгарликка асос бўлиши ҳақида огоҳлантиради.