Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаро томонидан “ZAMIN GREAT CITY” МЧЖ билан тузилган шартнома юзасидан мурожаат келиб тушди.
Унга кўра, Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги кўп қаватли тураржойдан 39,47 кв.м майдонга эга 2 хонали хонадонни сотиб олиш учун 252 608 000 сўм тўлов амалга оширилган. Шартнома бўйича қурилиш муддати 2024 йил 4 чорак этиб белгиланган бўлишига қарамай, ҳанузгача уй топширилмагани ва қурилиш ишлари тўхтаб қолгани аниқланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, истеъмолчи белгиланган муддатда уй топширилмаган тақдирда, шартномадан воз кечиш, етказилган зарарни қоплаш ва тўланган маблағни қайтариш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ижрочи қурилиш муддатини бузгани учун қонунчиликда назарда тутилган пеня ва бошқа мажбуриятларни бажариши шарт.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан “ZAMIN GREAT CITY” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Қурилиш муддатларига амал қилиш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг моддий манфаатларини тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 2024-йилда қурилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилиши масаласи бўйича 1640 та 2025 йил ўтган даври мобайнида 234 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, кўриб чиқиш натижасида жами 16 млрд. 159 465,5 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни қурилиш шартномаларини имзолашда эҳтиёткор бўлишга, қурилиш компанияларини эса шартномавий мажбуриятларига қатъий риоя қилишга чақириб қолади!