Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан 24 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш, жумладан, қўшма кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, ёшларни кенг жалб қилган ҳолда маданий ва спорт тадбирларини уюштириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Минтақавий шериклик, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ва Оролни қутқариш халқаро фонди доирасидаги ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.