Маркетплейслар конференциясида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билдирилди
Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижодиёти саройида Ўзбекистон сотувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон электрон тижорат ассоциацияси томонидан маркетплейслар бўйича тўртинчи халқаро конференция ташкил этилди. Унда электрон тижорат бозори иштирокчилари, маркетплейслар вакиллари, тадбиркорлар ва давлат органлари мутасаддилари иштирок этдилар.
Конференцияда Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Б.Шарипов сўзга чиқиб, маркетплейсларни ривожлантиришда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўмита таклифларини билдирди.
Хусусан, маркетплейсларда ҳақиқий сотувчи ва маҳсулотнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни мажбурий кўрсатиш, сохта шарҳлар ва сохта чегирмаларга қарши курашиш, маҳсулот ва пул маблағларини қайтариш механизмини соддалаштириш ҳамда контрафакт маҳсулотлар учун платформалар масъулиятини белгилаш зарурлиги таъкидланди.








