#Кун_рақами
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан танлов (тендер) савдоларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда
Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида ўтказилган тендер савдоларида жами 2 534 та рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи 74,4 млрд сўмлик 637 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланган.
Ўрганишлар давомида айрим савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари, жумладан, рақобатни чекловчи талаблар белгилаш, аффилланганлик ва иштирокчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Навоий ҳудудий филиалининг 15,5 млрд сўмдан ортиқ, «Навоий нефт базаси» МЧЖнинг 55 млн сўмдан ортиқ ва Республика тез тиббий ёрдам маркази Навоий вилояти филиалининг 950 млн сўмлик танловларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 150 га яқин мансабдор шахсларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Давлат харидларида қонунийлик, шаффофлик ва барча иштирокчилар учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.








