#Кун_рақами
Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан танлов (тендер) савдоларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида ўтказилган тендер савдоларида жами 2 748 та рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи 433,2 млрд сўмлик 909 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланган.
Ўрганишлар давомида айрим савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари, жумладан, савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, аффилланганлик ва иштирокчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 84 дан ортиқ мансабдор шахсларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Давлат харидларида қонунийлик, шаффофлик ва барча иштирокчилар учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.








