Акция ва чегирмалар устидан рақамли назорат: Рақобат қўмитаси томонидан 65 та муаммонинг сабабларини таҳлил қилиниб, тизимли ечим бўйича таклифлар тайёрламоқда
Рақобат қўмитаси томонидан 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасида 116 та акция ва чегирма ўрганилди.
Ўрганишлар давомида 65 та муаммо ва камчилик аниқланди. Айрим ҳолларда эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган ёки ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.
Хусусан:
📍 Андижон вилояти: 60 млн сўмлик соврин берилмаган
“Water Life Mineral” МЧЖ томонидан ўтказилган “Орзу ушалсин” акциясида 3 нафар иштирокчига жами 60 млн сўм тақдим этилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва кўрсатма берилди.
📍 Наманган вилояти: Cobalt автомобили ўз эгасига қайтарилди
Фуқаро А.А. “Наманган автотеххизмат” МЧЖ акциясида иштирок этиб, Chevrolet Cobalt автомобилини ютиб олган.
Бироқ телефон рақами нотўғри терилгани сабабли ғолиб билан боғланиш имкони бўлмаган. Натижада унинг ютуғи бекор қилиниб, бошқа шахсга берилган.
Рақобат қўмитаси аралашуви билан автомобиль ҳақиқий ғолибга қайтарилди.
📍 Наманган ва Бухоро: чегирмаларда тушунмовчиликлар
🔘Намангандаги “Baldini” дўконида 50 фоиз чегирма эълон қилинган. Аммо маҳсулотларда нархномалар мавжуд бўлмаган.
🔘Бухоро шаҳридаги “IDEA” дўконида 20, 50 ва 60 фоизлик чегирмалар таклиф қилинган. Лекин бу чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, балки муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилган.
📍 Самарқанд вилояти: совғали акция шартлари ўрганилди
“Самарқанд Автотеххизмат” МЧЖ автомобиль харид қилган мижозларга маиший техника совға қилиш акциясини ўтказган.
Бироқ акция шартларига кўра, совға фақат Chevrolet автомобили учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилган харидорларга берилган. Муддатли тўлов асосида автомобиль олганлар ва юридик шахслар акциядан четда қолган.
Ўрганиш натижасида реклама, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва чакана савдо қоидалари бузилгани аниқланиб, корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
📍 Қашқадарё вилояти: “1+1” акциясида нима берилиши номаълум
“IDEA” бренди томонидан смартфонларни бўлиб тўлаш асосида харид қилиш бўйича бир қатор акциялар эълон қилинган.
Бироқ рекламада:
🔍акцияга қўйилган маҳсулотлар сони;
🔍маҳсулотларнинг олдинги 30 кун ичидаги энг паст нархлари;
🔍“1+1” акциясида қўшимча қандай маҳсулот берилиши ҳақида аниқ маълумотлар кўрсатилмаган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан:
✅ 59 та камчилик (90,7 фоиз) ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилди.
✅ 4 та тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилди.
✅ Истеъмолчилар фойдасига 250 млн сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Энди акция ва чегирмаларни рақамли назорат қилиш таклиф этилмоқда
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, асосий муаммо қоидаларнинг йўқлигида эмас, балки уларга риоя этилишини ўз вақтида ва самарали назорат қилиш механизмларининг етарли эмаслигидадир.
Шу сабабли Рақобат қўмитаси акция ва чегирмаларни назорат қилишнинг янги рақамли механизмлари бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Жумладан:
➡️ QR-код орқали нархни текшириш — харидор маҳсулот ёнидаги QR-кодни сканерлаб, унинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдорини кўриши мумкин бўлади.
➡️ Акцияларни олдиндан рақамли қайд этиш — акция бошланишидан аввал унинг шартлари махсус электрон тизимга киритилиши таклиф этилмоқда.
➡️ Нархлар тарихини рақамлаштириш — маҳсулот нархининг ўзгаришини кузатиш ва чегирмалар қанчалик ҳақиқий эканини текшириш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
‼️Мақсад — акция ва чегирмаларнинг шаффофлигини ошириш, харидорларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.








