“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Рақобат қўмитаси ҳамда Германиянинг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти ҳамкорлигида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Президентнинг 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сон Фармони билан нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятига кўмаклашиш, уларни методологик қўллаб-қувватлаш ва техник кўмак тақдим этиш орқали жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилингани қайд этилди.
Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 6 октябрдаги ПҚ-296-сон қарори билан 2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январга қадар тажриба тариқасида ННТларга истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш ваколати берилгани таъкидланди.
Маърузаларда ННТларнинг ҳуқуқлари, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдаги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни, ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш ҳамда соҳадаги ННТлар фаолиятини ташкил этишдаги муаммолар ҳақида сўз юритилди.
Бундан ташқари, German Sparkassenstiftung истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўлими бошлиғи Лиа Граубергер истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ННТларнинг роли бўйича халқаро тажриба ва амалиёт ҳақида маълумот берди.
Якуний муҳокамада ННТлар олдида турган муаммолар ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудларда “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини мунтазам ўтказиш, уларнинг натижаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Мазкур тадбир истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари ва ННТлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.








