Рақобат қўмитаси фармацевтика соҳасида улгуржи дистрибуция билан шуғулланувчи корхоналарни огоҳлантиради
Республикамизга жорий йилнинг 9 ойи давомида 305 та корхоналар томонидан дори воситалари импорт қилинган бўлиб, шундан 47,2 фоизи 5 та импортёр ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 2023 йилга нисбатан чакана дорихоналар бирлашиши ёки ёпилиши натижасида 8 фоизга қисқарган филиаллар сони эса 33,8 фоизга кўпайган.
Маълумот учун:
2023 йилда жами 13 744 та дорихона мавжуд бўлган:
➡️Улгуржи дорихоналар — 521 та;
➡️Чакана дорихоналар — 13 223 та, шундан:
➡️Асосий дорихоналар — 8 584 та;
➡️Филиаллар — 4 639 та.
2024 йилда дорихоналар сони 5,6 фоизга камайиб, 13 010 тани ташкил этган:
➡️Улгуржи дорихоналар — 466 та;
➡️Чакана дорихоналар — 12 544 та, шундан:
➡️Асосий дорихоналар — 8 416 та;
➡️Филиаллар — 4 128 та.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига жами 14 598 та дорихона мавжуд бўлган:
➡️Улгуржи дорихоналар — 449 та;
➡️Чакана дорихоналар — 14 149 та, шундан:
➡️Асосий дорихоналар — 7 940 та;
➡️Филиаллар — 6 209 та.
🌐 Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар томонидан талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий тарзда қўшиб сотиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўпаймоқда.
Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, Қўмита томонидан дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан, устун музокара кучи деб қуйидаги ҳолат эътироф этилади:
Устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан:
🟣Битим шартларини;
🟣Товарлар реализация қилинадиган ҳудудни;
🟣Нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги.
Шунингдек, Қонуннинг 18-моддасига кўра, қуйидаги ҳолатлар устун музокара кучини суиистеъмол қилиш ҳисобланади:
🔘Камситувчи шарт-шароитларни белгилаш — товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш;
🔘Товарлар муомаласи ҳажмини қисқартириш — товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда товарлар муомаласи ҳажмини қисқартириш;
🔘Шартнома тузишда қўшимча шартлар белгилаш — шартнома тузишга фақат контрагент томонидан бошқа товарни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шартини белгилаш.
Шу билан бирга, рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, рақобатчилар томонидан ишлаб чиқарилган товарларни харид қилиш ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш ҳолатлари учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.
Бунда санкция миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган даврда, бироқ охирги 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда товарларни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 5 фоизини ташкил этади.
Айни пайтда, Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.
Хусусан, талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа буюртма берилмаган препаратлар ёки товарларни ҳам мажбурий сотиб олиш шарти қўйилгани аниқланса ва ушбу ҳаракатлар рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши деб топилса, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.








