Микроқарз: шартномани ўқимаслик қандай оқибатларга олиб келади?
🌐 Бугунги кунда микроқарзни мобил илова орқали бир неча дақиқада расмийлаштириш мумкин. Бироқ айнан шу қулайлик айрим ҳолларда истеъмолчининг шартнома шартларини тўлиқ ўрганмасдан мажбурият олишига сабаб бўлмоқда.
📩 Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчилар кўп ҳолларда:
⏺️ шартнома шартларини тўлиқ ўқимайди;
⏺️ ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарлича билмайди;
⏺️ тўловни кечиктириш оқибатларини олдиндан баҳоламайди.
📌 Натижада улар кутилмаган молиявий мажбуриятларга дуч келмоқда.
🗂 Масалан, таҳлил қилинган шартномалардан бирида 19 млн 656 минг сўм миқдорида микроқарз белгиланган. Бироқ ушбу маблағнинг 13 млн 650 минг сўми истеъмолчининг картасига ўтказилган, 6 млн 6 минг сўми эса оператор ҳақи сифатида маблағ берилган пайтда автоматик ундирилган.
📚 Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддасига кўра, агар қарзни қисмларга бўлиб қайтариш белгиланган бўлса ва қарз олувчи навбатдаги тўлов муддатини бузса, қарз берувчи қолган суммани муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
❗️Шунинг учун микроқарз олишдан олдин фақат «қанча пул оламан?» деган савол билан чекланиб қолмасдан, қуйидагиларни аниқлаб олинг:
🔴 шартнома бўйича амалда қанча маблағдан фойдаланасиз;
🔴 жами қанча сумма қайтаришингиз керак;
🔴 ойлик тўлов миқдори ва муддатлари қандай;
🔴 тўловни кечиктирсангиз нима бўлади, қолган қарз муддатидан олдин талаб қилиниши мумкинми?
🔴 Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчиларга микроқарз расмийлатиришдан олдин уни ўз вақтида қайтариш имкониятларини олдиндан баҳолаш тавсия этилади.








