РЕКЛАМА ҚОНУНЧИЛИГИНИ БУЗГАН ТУРОПЕРАТОРЛАРГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарорига мувофиқ, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолият тегишли лицензияга эга туристик ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган. Лекин шунга қарамасдан қарорда кўрсатилган шарт ва талабларни бузган ҳолда айрим ҳужжатсиз ва сохта туроператорлар ўз фаолиятини давом эттириб, фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилишмоқда. Бунга чек қў йиш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бош мутахассиси Самандар
НОРМУРОДОВ маълумот берди.
Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материаллар “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, туроператорлар томонидан “Умра” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид рекламаларнинг қонунийлиги ўрганилди: Ўрганишлар натижасида, Андижон, Наманган, Самарқанд
ва Хоразм вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан, жами 10 та (“MARMARA TRAVEL NAMANGAN”, “SULTAN TRAVEL 2022”, “DIYOR TOUR”, “PROFITRAVEL”, “ATLAS AVIA TOUR”,
“MEROJ TREVEL”, “URAZOV ISLOM ULUGBEKOVICH (Ideal Trаvel) ”, “ALAZHAR TRAVEL”, “HIRO TRAVEL”, “MAKNOON TRAVEL” МЧЖлар) туроператорлар томонидан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган
ҳолда рекламалар жойлаштирилгани ва “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, якунлари юзасидан молиявий жарималар қўлланилди. Шунингдек, Қўмитанинг Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан, жами 5 та “Safo Marva” МЧЖ, “Farg‘ona Tour 2022” МЧЖ, “Ziyorotul_Umra” МЧЖ, “Buvaydaliklar hayoti telegram kanali”, “Umra Ziyorati Agentligi” МЧЖлар томонидан берилган рекламаларда ҳам юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ лицензияга эга бўлмасдан реклама тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилинди. Ушбу
ўрганиш якунлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тегишли чоралар кўрилиши таъминланади. Қўмита томонидан реклама ахборотларини қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, юртдошларимизга “Умра” зиёратига боришда махсус лицензияга эга бўлмаган туроператорлар хизматидан фойдаланмасликни ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун лицензияга эга туроператорлар билан ҳамкорлик қилишни тавсия қиламиз.