Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Нодирбек Исчановнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида 2023 йил 6 май куни “Natural Effect” маҳсулотининг рекламасига оид эътирози юзасидан, қуйидагиларни маълум қилади.
Хусусан, ушбу рекламада “Natural Effect” маҳсулоти таниқли шифокор томонидан тавсия қилинганлиги ҳақида ахборот берилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда бу борада салбий фикрлар билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига нисбатан қатъий талаблар белгиланган, жумладан, реклама қилинаётган ушбу маҳсулотлар истеъмолчиларда улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги керак.
Шунга кўра, Қўмита томонидан мақолада келтирилган “Natural Effect” маҳсулотини ишлаб чиқарувчисига реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда “Natural Effect” маҳсулоти рекламасини жойлаштиришда қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари талабларига мослаштириш юзасидан тегишли кўрсатма берилди. Якунлари бўйича ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.